НОСОЗЛИК ТУФАЙЛИ ВАҚТИНЧА УЗИЛГАН «ТУРКМЕНЭНЕРГО»НИНГ ИМПОРТ АМАЛИЁТИ 21:00 ГА ҚАДАР ТИКЛАНАДИ

Кўпчиликка маълумки, Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги тизимида фаолият юритувчи «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти 2019 йил 1 декабрь санасидан бошлаб «Туркменэнерго» давлат электр энергетика корпорациясидан электр энергиясини импорт қилиб келмоқда.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати берган маълумотга кўра, бугун, 10 январь куни соат 19:03да Туркманистон энергетика тизимидаги «Мари» иссиқлик электр станциясининг иккита энергоблогида кичик техник носозлик юзага келиб, Ўзбекистонга экспорт амалиёти вақтинча тўхтатилди.  «Мари» ИЭСда рўй берган носозлик туфайли Ўзбекистон энергетика тизимида аварияга қарши автоматика ишлаб, юқори кучланишли электр таъминоти тизимининг Фарғона водийси қисмида 600 мВт атрофида қувватга эга истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилган.

Айни пайтда «Мари» ИЭСда энергоблокларни қайта ишга қўйиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Носозликлар бартараф этилгач, бугун, тахминан соат 21:00га қадар импорт амалиёти тикланади. Бунга қадар электр таъминотида имкон қадар чекловларни олдини олиш мақсадида захира қувватлар ишга солинганини маълум қиламиз.

Маълумот ўрнида: жорий режимларда Турманистондан соатига 780 мВт қувватда электр энергияси импорт қилинаётган эди.

 

«Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ

Матбуот хизмати